Воскресенье, 19.11.2017, 07:47
FUTBOL XABARLARI
 
SAYT MENYUSI

MINI CHAT

MUSIQIY TANAFUS

SAVOLLAR
QAYSI BIRI KUCHLI
BARCHA JAVOBLAR: 546

KIRISH

Главная » 2011 » Июль » 3 » «Сантьяго Бернабеу»
20:27
«Сантьяго Бернабеу»

Дунёдаги энг яхши стадионлар ҳақидаги серияли мақолани Мадриднинг «Реал» клубига тегишли муҳташам «Сантьяго Бернабеу» билан бошлаймиз. Ўз вақтида 125000 сиғимга эга бўлган иншоотнинг нима учун Сантьяго Бернабеу номи билан юритилиши, ўриндиқлар сонининг нега камайтирилгани ва Флорентино Переснинг янги рекордлари каби қизиқарли масалаларга Sports.ruнинг қуйидаги мақоласидан жавоб топиш мумкин.


«Реал» «чақалоқ»лик пайтидан бошлаб энг юксак даражадаги шарт-шароит, муҳитга кўникма ҳосил қила бошлаган. «Қироллик клуби»да ҳар қандай икир-чикирларга ҳам жиддий аҳамият бериларди. 1912 йили жамоа Мадриднинг энг муҳташам стадиони ҳисобланган «Кампо де О~Доннелл»га кўчиб ўтади. Бироқ у ерда узоқ вақт фаолият юритиш насиб этмайди. Кейинчалик бир неча йил турли велодромларда тўп суриб юргач, ниҳоят, жамоа учун алоҳида спорт аренаси қуришга қарор қилинади.

Хуллас, 1924 йилда 15000 мухлисга мўлжалланган «Чамартин» стадиони дастлабки ўйинларни қабул қилади. Ана шу иншоот 20 йилдан кўпроқ вақт давомида «Реал»нинг уйи вазифасини ўтайди. Унинг тантанали очилиш маросимига ўша пайтда Европада донг таратган «Ньюкасл» таклиф этилади. Мадридлик ишқибозлар бахтига «Реал» 3:2 ҳисобида ғалаба қозонади. Шундан кейин «Чамартин» фуқаролар урушига гувоҳ бўлиб, маълум муддат концлагерга айланади. Ҳукумат Франсиско Франко қўлига ўтгач, стадион қайтадан таъмирланади. Шу тариқа унинг сиғими 25000га етади. Бироқ бу ижобий ўзгаришлар замон талабига ҳам, янги президентнинг истакларига ҳам жавоб бермасди. Клуб раҳбарлигини ўз зиммасига олган Сантьяго Бернабеу ўз жамоаси учун «кўҳна қитъа»нинг энг улкан стадионини барпо этиш ҳақида орзу қиларди. «Қаймоқ ранглилар» жамоасининг энг ашаддий жонкуяри бора-бора бутун пойтахт аҳлига калака бўлади: «Дон Сантьяго ўзи учун фиръавнлар мақбарасини барпо этмоқчи!»

Шаҳар маъмурлари янги стадион учун маблағ ажратишдан бош тортган бўлишсада, Бернабеу савдо банкидан 2 млн. песет миқдорида кредит олиш уддасидан чиқади. «Чамартин» ёнидан ер сотиб олган «Реал» 1944 йилда янги иншоотни қуришга киришади. Ҳатто қитъада давом этаётган уруш ҳам бунга халақит беролмаган. Танловда 2 нафар меъмор - Мануэль Муньос Монастерио ва Луис Алемани Солерлар лойиҳалари ғолиб чиқади. Қурилиш ишларига авлиё Хосе Мария Мулат оқ фотиҳа беради, дастлабки ғиштни эса дон Сантьягонинг шахсан ўзи қўяди.

«Янги Чамартин»нинг қурилиши 3 йилга чўзилади, 1947 йилнинг совуқ ва булутли 14 сентябрида очилиш маросими ўтказилади: Португалиянинг «Белененсеш» клубини қабул қилган «Қироллик клуби» Хесус Алонсонинг «дубли» ёрдамида 3:1 ҳисобидаги ғалабани нишонлайди. Янги арена 75000 мухлисга мўлжалланган бўлиб, 47500та ўрин тик турадиган ҳудуд эди. Молиявий муаммолар ҳамда урушдан кейинги вайронагарчилик президентнинг 125000 кишилик стадион қуришига имкон бермаганди. 50-йилларда яна 2та трибуна қад ростлагач, арена ҳалқа кўринишини олади. 1954 йилнинг июнь ойида бўлиб ўтган «Реал»-«Атлетик» ўртоқлик учрашувига Бернабеу орзу қилган 125000 мухлис ташриф буюради. Гарчи жойнинг асосий қисми тик туриб кўришга мўлжалланган бўлсада, 7149та ўриндиқ ва 19000та усти ёпиқ ўрин пайдо бўлади.

Ўз-ўзидан ўша даврда Европанинг энг улкан стадионига янги ном қўйиш зарурати туғилади. Директорлар кенгашининг йиғилишида Сантьяго Бернабеу бир неча вариантларни илгари суради. Лекин унинг таклифини эътиборсиз қолдирган маслакдошлари иншоотни «Сантьяго Бернабеу», деб аташга овоз беришади. Уч йилдан сўнг арена электр ёритгичларга эга бўлади. Прожекторлар ёғдуси остида «Реал» илк марта Бразилиянинг «Спорт Ресифе» клуби билан куч синашади. Тез орада стадион ичида 500 нафар диндорга мўлжалланган черков қад ростлайди, 60-йилларнинг ўрталарида трибуналар остидаги биноларга клуб офиси кўчиб ўтади.

Афсуски, ЖЧ-82 муносабати билан ўтказилган оламшумул таъмирлаш ишларини кўриш дон Сантьягога насиб этмайди. Меъморчилик вазифаси Луис Алемани Солернинг ўғиллари - Рафаэль ва Мануэль Салинасларга топширилади. Шарқий трибунадан ташқари, барча секторлар том билан ёпилади, асосий фасад тубдан янгиланади. Сармоядан асосий қисми (500 млн. песет)ни шаҳар маъмурияти, қолганини клуб ва хусусий сармоядорлар қоплашади. Японияда тайёрланган 2та электрон табло ўрнатилади, ўриндиқлар сони кўпайтирилади. Шу сабабли умумий сиғим 125000дан 90800тага қисқаради. «Сантьяго Бернабеу» ЖЧ иккинчи босқичининг 3та беллашуви (ГФР-Англия, ГФР-Испания ва Испания-Англия)га мезбонлик қилади. Шунингдек, мундиалнинг финал баҳси ҳам айнан «Реал» аренасида ўтказилади.

90-йилларнинг аввалида УЕФА хавфсизлик масалаларига эътиборни ошириши муносабати билан «Реал»нинг ўша пайтдаги президенти Рамон Мендоса навбатдаги таъмирлаш ишларига қўл уради. Клубга ёрдам беришга қодир ҳомийлар топилмагани боис ички захира ва қарз­лар ҳисобига ғарбий трибунада амфитеатр ташкил этилади. 87,8 даража қиялик остида 20000та янги ўриндиқ ўрнатилади. Натижада ўйинни томоша қилиш учун идеал ҳолат вужудга келади. Стадионга киришни осонлаштирадиган 4та минора бунёд этилади. Иншоотнинг баландлиги 22 метрдан 45 метрга етади. Бироқ кўкка бўй чўзган трибуналар навбатдаги муаммони келтириб чиқаради: майдоннинг учдан икки қисми соя остида қолади. Унинг идеал ҳолатини таъминлаш учун 20 см. чуқурликда полипропилен қувурлардан иситиш тизими ўрнатишга тўғри келади. 30 км. узунликдаги қувурларда айланадиган иссиқ сув майсаларнинг йил давомида яшнаб туришини таъминлайди. Янгитдан жиҳозланган том эса 10000 нафар мухлисни ёғин-сочинлардан асрайди.

Лоренсо Санс тик туришга мўлжалланган ўринларни йўқотишга қарор қилгач, стадионнинг сиғими 75328тага тушиб қолади. Иншоотнинг ҳақиқий гуллаб-яшнаши Флорентино Переснинг дастлабки президентлик даврига тўғри келди. «Галактикос» ғоясининг муаллифи «Сантьяго Бернабеу»даги қулайликларни аъло даражага олиб чиқишни бош вазифа, деб билди. Перес футбол мухлисларига дунёдаги энг эҳтиросли ўйинни тортиқ этиш билан бирга шунга яраша даромад олишни ҳам мақсад қилганди. Стадиондаги қулайликларни маромига етказиш учун Перес 5 йил ичида 120 млн. евродан кўпроқ маблағ сарфлади. Янги бар ва ресторанлар, иситиладиган ўриндиқлар пайдо бўлди. Кириш миноралари лифт ҳамда эскалаторлар билан жиҳозланди. Ўриндиқлар сони 80354тага етказилди. Президентнинг режалари жуда улкан эди. Ҳозирда у раҳбарликка қайта сайланган бўлсада, юзага келган молиявий муаммолар режаларини амалга ошириш имконини бермаяпти.

2007 йилда афсонавий стадионда тарихий воқеа - «Реал»нинг 1000-учрашуви бўлиб ўтди. Шу муносабат билан ўзининг 60 йиллик тўйини нишонлашга ҳозирлик кўраётган УЕФА «Сантьяго Бернабеу»га элит стадион мақомини берди. Ҳозирда иншоот сиғими бўйича фақат «Камп Ноу»дан кейинги ўринда турибди. «Реал»нинг уй стадиони ЖЧ-82 финалидан ташқари, яна бир қатор тарихий беллашувларга гувоҳ бўлган. Масалан, у ерда «Реал» ўзининг иккинчи чемпионлар кубогини қўлга киритган, 1964 йилда Испания ва собиқ иттифоқ терма жамоалари қитъа чемпиони масаласига ойдинлик киритишган. ЧЛнинг яна 2та финалида «Сантьяго Бернабеу» «Милан» (1969 йил) ва «Ноттингем Форест» (1980 йил)га омад келтирган. 80-йиллар ўрталарида (1985, 1986) «Қироллик клуби» ўз уйида кетма-кет 2 марта УЕФА кубогини қўлга киритган. Ўтган йили «Интер»ни «Мадрид финали»га олиб келган Жозе Моуриньо бўлажак ишхонаси билан яқиндан таниша бошлаганди.
«Бернабеу»даги қулайликлар энг юксак талабларга жавоб беради. Асосий эътибор VIP-мижозларга қаратилган. Улар учун 3та ресторан доимо шай. Флорентино Перес стадионни кенгайтириш ва такомиллаштириш масаласини ҳам унутаётгани йўқ. У яқин келажакда ўриндиқлар сонини 120000тага етказиш устида бош қотирмоқда. Президентнинг фикрича, бўлажак Real Madrid City лойиҳасини фақат ашаддий «галактикос»лар лойиҳалаштиришлари ва қуришлари лозим. La Esguina del Bernabeu савдо маркази эса бўлажак футбол марказининг муҳим бўлагига айланади. Булардан ташқари, яна битта турли дастурларга мўлжалланган арена ҳам барпо этилади. Хуллас, «Сантьяго Бернабеу»га ташриф буюриш истагида бўлган сайёҳлар сони тобора ортиб бораверади.

Манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.
Просмотров: 522 | Добавил: Yaro | Рейтинг: 5.0/1
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
IZLASH

KALENDAR
«  Июль 2011  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031

HISOBCHI

ARHIV

QOSHIMCHA
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • KIM QAYERDA

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0

    Copyright MyCorp © 2017