Воскресенье, 19.11.2017, 07:57
FUTBOL XABARLARI
 
SAYT MENYUSI

MINI CHAT

MUSIQIY TANAFUS

SAVOLLAR
QAYSI BIRI KUCHLI
BARCHA JAVOBLAR: 546

KIRISH

Главная » 2011 » Март » 19 » Вундеркиндлар: «Бразилиялик Месси!»
16:19
Вундеркиндлар: «Бразилиялик Месси!»

Нуфузли «Олтин тўп» совринини 2 йилдан бери ҳеч кимга бермай келаётган Лионель Мессининг чапақай ўйин услуби ҳар бир футбол мухлисига яхши таниш. Энди худди шу услубни ўнг оёғи билан амалга оширадиган футболчини тасаввур қилиб кўринг...


Хўш, шундай ўйинчи борми? Миланнинг «Интер» клуби ишқибозлари бу саволга бир овоздан «Бор», дея жавоб қайтаришади. Тўғри, ҳозирча у аргентиналик касбдоши каби машҳурлик довонларини забт этгани йўқ. Лекин яқин йиллар ичида ҳеч бўлмаганда, Месси савиясига яқинлашиб олиши учун унда асослар етарли. Марҳамат, танишинг: ёш иқтидор соҳиби Филиппе Коутиньо!

Бразилиянинг «Васко да Гама» клуби ҳеч қачон жаҳон миқёсидаги иқтидорлар ўчоғи бўлишга даъвогарлик қилган эмас. Таниқли юлдузлар қаторидан ўрин олган биргина Жуниньо Пернамбуканони эслаш мумкин. Бу таниқли футболчини айнан шу жамоа тарбиялаб, вояга етказган. Бироқ машҳур тарбияланувчилар рўйхати шу билан якунига етганди. Бугунги кунда Филиппе Коутиньо европалик скаутлар учун «Васко да Гама»га йўл очган биринчи футболчи бўлиб турибди. Жажжи Филиппе Рионинг айнан шу туманида ўсиб-улғайди. Айнан шу ердан мутахассислар уни «кўҳна қитъа»га чорлашди. Албатта, буларнинг ҳаммаси бир кунда ва бирданига юз бергани йўқ.

Ёшлар жамоасидаги 10 йиллик тер тўкишлар беҳуда кетмади. Жуда тез ўсиб бораётган болакай тимсолида мураббийлар бўлажак юлдузни аниқ тасаввур қила бошладилар. Ихчам ва нозик гавдаси билан яккама-якка олишувларга ярамаслигини олдиндан ҳис этган болакай ўзи учун идеал вариант ҳисобланган плеймейкерлик позициясини танлади. Табиийки, «танго ва самба»лар юртида пайдо бўлган ноёб иқтидор соҳиби тез орада европалик селекционерлар ўртасида талаш бўлиши аниқ. Коутиньога ҳам Европанинг номдор клублари «совчи» қўйишди. Лекин «Интер» ҳеч ким билан тортишишни ўзига эп кўрмасдан ўз ҳамёнига ялиниб қўя қолди. «Енг ичида» иш бажаришга қарор қилган миланликлар 16 ёшли йигитча учун салкам 4 млн. евро тўлашди. Албатта, бу ўта қалтис қарор эди. Лекин энди ишонч билан таъкидлаш мумкинки, «Интер»нинг таваккалчилиги ўзини оқлади.

Ҳали мактабни ҳам тугатишга улгурмаган Филиппенинг Бразилияни тарк этишига рухсат беришмади. ФИФАнинг қоидаси шундай, қолаверса, Италия қонунларига кўра, 18 ёшга тўлмаган футболчилар мусобақаларга қўйилмайдилар. Шундай вазиятда ҳам «Интер» футболчидан воз кечмади ва кутиб туришга қарор қилди. Қисқаси, Коутиньо 2 йиллик муддатга «Васко да Гама»да (ижарада) қолди. Ана шу давр мобайнида у ўзининг жисмоний ва тактик тайёргарлигини маромига етказиб олиши талаб этилди. Вақтдан унумли фойдаланган «Бразилиялик Месси» жонажон клубига ҳам, Бразилия ўсмирлар (U-17) терма жамоасига ҳам яқиндан ёрдам берди. Шу тариқа ўзини янги муҳитга тайёрлаб борди. «Мен «Интер»ни танлаганлар сирасидан эмасман. Бахтим шундаки, «Интер»нинг ўзи мени танлади! «Нерадзурралар» мени қидириб топишди. Хурсандчилигимнинг яна бир сабаби шундаки, Италиянинг бошқа бирорта клуби мен билан қизиққан эмас. Ҳа, Европанинг турли жамоаларидан харидорлар келишди. Лекин мен фақат Италияни ўйлардим. Миланга икки марта ташриф буюрдим ва ҳар гал чуқур таассуротлар олдим. Янги жамоадошларим, клуб раҳбарлари билан яқиндан танишишни истардим. Майдонга тушадиган кунни сабрсизлик билан кутаман. Ўз устимда кўп ишлашим кераклигини яхши тушуниб турибман. Маҳоратим ва тажрибамни ошириш учун тинмай тер тўкишга тайёрман. Зеро, гол уришни жуда яхши кўраман. Лекин самарали тўп оширишларни ҳам уддалай оладиган ҳужумкор ярим ҳимоячи позициясига мослашишга уриниб кўраман»,-деган эди Филиппе Италияда берган илк интервьюсида.

Хуллас, ёш футболчи дунёнинг энг кучли жамоасида муносиб тўп суриш учун қўлидан келганича ҳаракат қилди. Шунингдек, ўз ваъдасининг устидан чиқишни ҳам уддалади. Бенитес давридаёқ футболчи асосий таркибдан жой олди. Тўғри, бир қатор етакчи футболчиларнинг сафдан чиққанлари ҳам бразилиялик дебютантга қўл келди. Лекин асосийси, у ўзининг ўйинлари билан мураббий ва мухлислар ишончини қозонди. Ундаги нафис техника ва вазиятга аниқ баҳо бера олиш қобилияти барчани ҳайратга солди. «Интер»нинг 29-рақамли футболчиси майдон ташқарисида ҳам намунали хулқи билан ажралиб туради. Бу хусусияти билан у «Олтин тўп»нинг амалдаги соҳибига жуда ўхшаб кетади: «Дискотекаларни ёқтирмайман, пиво ва бошқа спиртли ичимликларни ичмайман. Лаззат олишим учун бошқа манбалар етарли. Онам мен учун қулай бўлган ибодатхонани қидириб юрибди. Бразилияда у билан якшанба кунлари албатта, ибодат қилишга борардим. Оллоҳ менинг қалбимда. У туғилганимдан бери мен билан бирга. Барча муваффақиятларимни унинг марҳамати, деб биламан». Мазкур эътирофнинг қанчалик самимий эканлигига ёш футболчи билан суҳбатлашган ҳар қандай киши ишонч ҳосил қилади. Жумладан, «Интер»нинг ҳозирги устози Леонардо ҳам. Унинг фикрича, ноёб иқтидор билан сийланган ватандоши учун ҳали ҳаммаси олдинда. Эҳтимол, қандайдир 4-5 йилдан кейин Коутиньо «Олтин тўп»га сазовор бўлса, кимдир «Бразилиялик Месси» ҳақидаги ушбу мақолани эсига олар...?

Филиппе Коутиньо Коррея

Туғилган санаси ва манзили: 1992 йил 12 июнь, Рио-де-Жанейро, Бразилия
Фуқаролиги: Бразилия

Бўйи: 172 см. Вазни: 72 кг
Амплуаси: ҳужумкор ярим ҳимоячи

Фаолияти: «Васко да Гама» - 1999-2008 (ёшлар тизими); «Интер» - 2008-... 2008-2010 йилларда ҳам «Васко да Гама» шарафини ҳимоя қилган - ижара асосида

Бразилия ўсмирлар термаси (U-17)нинг расмий ўйинларида 5 марта майдонга тушиб, 3та гол урган
Просмотров: 388 | Добавил: Yaro | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
IZLASH

KALENDAR
«  Март 2011  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
28293031

HISOBCHI

ARHIV

QOSHIMCHA
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • KIM QAYERDA

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0

    Copyright MyCorp © 2017