Пятница, 10.05.2024, 00:32
FUTBOL XABARLARI
 
SAYT MENYUSI

MINI CHAT

MUSIQIY TANAFUS

SAVOLLAR
OLTIN TOPGA DAVOGARLARNIG ENG KUCHLISI
BARCHA JAVOBLAR: 283

KIRISH

Главная » 2011 » Март » 13 » Даврон Файзиев: «МУРАББИЙЛИК ФАОЛИЯТИ БИРОЗ ОРТГА СУРИЛДИ...»
18:01
Даврон Файзиев: «МУРАББИЙЛИК ФАОЛИЯТИ БИРОЗ ОРТГА СУРИЛДИ...»

Бир йиллик танаффусдан сўнг яна кучлилар сафига қайтган «Сўғдиёна» жамоаси мавсумни кўтаринки кайфиятда бошлади. Жиззахликлар чемпионат олдидан ташкил этиладиган анъанавий ПФЛ кубоги турнири ғолибига айланишди.


Ҳозирги шароитда Рауф Инилеев шогирдлари учун мазкур соврин қўлга киритилиши мумкин бўлган ягона ютуқ ҳисобланади. Аммо бош мураббий ва футболчилар ушбу муваффақият жамоани йил давомида руҳлантириб туриши ва табиийки, ижобий натижага ундашини таъкидлашмоқда. Бу фикрни илгари сураётганлар орасида 18-миллий чемпионат баҳсларида «Сўғдиёна»ни сардор сифатида майдонга бошлаб тушган Даврон Файзиев (суратда 22-рақам) ҳам бор. Тажрибали ҳимоячи бир йиллик айрилиқдан сўнг яна жонажон жамоаси сафига қайтди. Биз Ўзбекистон миллий терма жамоаси собиқ футболчиси билан жамоадаги ишлар юзасидан мулоқотда бўлдик.

- Жамоадаги ички муҳит, футболчиларнинг кайфиятлари, умуман, мавсумолди тайёргарликларни қандай баҳолайсиз?

- Футболчиларнинг кайфиятлари яхши. Айниқса, ПФЛ кубогидаги ғалабадан сўнг аъло даражага чиқди, деб ўйлайман. Кўз тегмасин, аҳил жамоа шаклланди. Ваҳоланки, йил бошида «Сўғдиёна» олий лигада қатнашадими-йўқ» қабилида гап-сўзлар авж олганди. Мана, ҳаммаси ижобий якун топди. Жиззах вилояти ҳокимлиги, федерациямиз раҳбарияти етарли шароитларни яратиб беряпти. Хусусан, Тошкентда йиғин ташкил қилишимиз таъминланди. Йиғин давомида бир нечта ўртоқлик учрашувларида майдонга тушдик. Чемпионат бошланишига ҳали бироз вақт бор. Бу муддат оралиғида жамоавий ўйинни шакллантириб, мавсум стартига ҳар томонлама шай ҳолатда етиб борамиз.

- «Сўғдиёна» олдига 20-миллий чемпионат баҳсларида қандай вазифа қўйиляпти? Кучлилар сафида ўз ўрнини сақлаб қолишми ёки..?

- Кўп йиллик тажрибамга суянган ҳолда шуни айтишим мумкинки, «Сўғдиёна» бемалол кучли бешликка кириш учун кураш олиб боришга қодир. Тўғри, дебютант жамоа илк мавсумда биринчи навбатда, олий лигада ўз ўрнини сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Лекин бугунги замонавий футболда кўряпсиз, кучлилар сафидаги «меҳмон» жамоалар ўзига хос шов-шув сабабчисига айланишяпти. Нима учун «Сўғдиёна» ҳам «сенсация» кўрсатмаслиги керак? Агар шароитлар етарли бўлиб, футболчилар астойдил ҳаракат қилишса, бу вазифани амалга ошириш мумкин. Бунинг учун биринчи галда ўзимизда хоҳиш бўлиши керак. Умуман олганда, камида 6-8-ўринлар учун курашамиз. Жиззах аҳли катта футболни соғиниб қолган. Шундай экан, жамоамизнинг ҳар бир аъзоси жиззахликлар хонадонига қувонч олиб киришга ҳаракат қилади.

- Ўтган йили профессионал фаолиятингизни якунлашингизни айтгандингиз. Аммо кутилмаганда ўз қарорингизни ўзгартирдингиз. Буни қандай изоҳлайсиз?

- Ҳақиқатан ҳам, ўрта йўлда тургандим. Фаолиятимни якунлаб, мураббийлик соҳасига ўтсаммикан, деган хаёллар билан юргандим. Лекин «Сўғдиёна»дан таклиф бўлгач, мураббийлик фаолиятини бироз ортга суриб туришга қарор қилдим. Ўзим туғилиб ўсган вилоят жамоаси шарафини ҳимоя қилиш мен учун катта шараф. Танамда кучим бор экан, жамоам муваффақияти учун курашишга астойдил ҳаракат қиламан. Кўп йиллар давомида орттирган тажрибам бу борада асқотишига ишонаман. Таркибимизда ёш футболчилар кўпчиликни ташкил этишади. Уларнинг ёнларида суянчиқ бўлиб туришимиз ҳам фойдадан холи эмас.

- Бугунги кунда нафақат клубларимиз, балки терма жамоаларимизда ҳам биринчи даражали муаммо - бу ҳимоя бўлиб қолмоқда. Бунга Осиё кубоги-2011да яна бир бор амин бўлдик. «Сўғдиёна» бош мураббийи Рауф Инилеев билан айнан шу мавзуда суҳбатлашганимизда, тажрибали мутахассис «Давронни жамоага таклиф қилишимга айнан ҳимоядаги муаммолар сабаб бўлди», деганди. Ўзингиз бу борада нима дея оласиз?

- Бир томондан Рауф Талгатович ҳақ. Ҳимоя, айниқса, марказий ҳимоя позицияси бугунги кун ўзбек футболининг биринчи рақамли муаммоси эканлиги сир эмас. Рауф аканинг таклифига рад жавобини беролмадим. Фикримни ўзгартиришимга шу омил ҳам сабабдир. Ўзбекистонда ёш истеъдодлар жуда кўп. Фақат уларни ўз вақтида аниқлаб юзага чиқариш керак. Мана, дарвозабонлар билан ишлайдиган алоҳида мураббийлар бор. Балки ҳимоячилар билан ҳам махсус ишлаш тизимини йўлга қўйиш лозимдир... Шунда ушбу камчиликлар нисбатан бартараф бўлармиди...?
- Муаммонинг асл илдизи нимада, деб ўйлайсиз?

- Менимча, ҳозирги жараён авлодлар алмашинуви даврига тўғри келди. Бизнинг авлод футболчилари профессионал фаолиятларини якунлаб бўлишди. Янги авлоднинг оёққа туриб олиши учун маълум муддат керак. Ниҳолнинг қай тарзда кўкка бўй чўзиши боғбонга боғлиқ. Агар боғбон тажрибали, ўз ишининг устаси бўлса, ниҳол тезда мева беради. Хуллас, яхши футболчилар тарбиялаш кўп жиҳатдан мураббийларнинг зиммаларидаги вазифа.

- Бу йилги юбилей - 20-миллий чемпионатимиздан нималарни кутяпсиз?

- Менимча, янги чемпионат аввалгиларидан анча фарқ қилади. Дастлабки турларданоқ «сюрприз»лар бўлишига ишончим комил. Мана, жамоаларнинг тайёргарлик ишларига эътибор беринг. Олий лиганинг аксарият жамоалари қисқа фурсатда хорижда бир эмас, иккиталаб йиғин ташкил этишди. Шарқий Европанинг кўзга кўринган клублари билан ўртоқлик учрашувлари ўтказишди. Демак, бу борада ўсиш бор. Шу зайлда ривожланиш давом этадиган бўлса, яқин йилларда бизнинг ички биринчилигимиз ҳам кўзга кўриниб қолади. Ҳозир кўпчилик мамлакатимизнинг икки гранд клуби - «Бунёдкор» ва «Пахтакор»нинг нисбатан кучсизланиб қолганлигини айтмоқда. Менимча, бу омил чемпионатимизнинг умумий савиясига салбий таъсир ўтказмайди. Бир-икки футболчи кетгани билан савия тушиб, жамоа кучсизланиб қолмайди. Аксинча, ўша етакчи футболчининг соясида қолиб кетаётган ёшлар учун имконият эшиклари очилади. Мана, ПФЛ кубоги финалидаги рақибимиз «Локомотив» жамоасини олинг. «Темирйўлчилар» ҳозирги таркиблари билан бемалол олий лигада кучли олтилик учун кураша оладилар, назаримда. Қашқадарё вилоятининг бир йўла уч жамоаси - «Насаф», «Шўртан» ва «Машъал»да ўзгаришлар катта. Айниқса, жорий мавсум ОФК кубогида юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган Қарши ва Ғузор жамоаларидан шахсан мен кўп нарсаларни кутяпман. Таркиб сезиларли тарзда кучайтирилди. Чемпионлик учун кураш олиб борадиган жамоалар сони камида тўрттани ташкил қилмоқда. Аминманки, чемпионат якунида совриндор жамоаларнинг очколари ўртасидаги фарқ жуда кам бўлади.

- Осиё кубоги-2011да ярим финалга қадар етиб борган терма жамоамизнинг иштирокига қандай баҳо берасиз?

- Ярим финални инобатга олмаганда, терма жамоамиз яхши ўйин намо-йиш этди. Ҳимоядаги камчиликлар барибир қайсидир ўйинда бўй кўрсатиши керак эди. Бундай экспериментал ҳимоя чизиғи билан Австралия, Жанубий Корея каби кучли жамоаларга қарши ўйнаш жуда мушкул. Араб давлати терма жамоаларидан яққол устунлигимиз кўриниб турди. Лекин Шарқий Осиё жамоаларига ҳар томонлама имкониятни бой беряпмиз. Бу айни ҳақиқат ва тан олишимиз керак. Инглиз футболи услубини ўзида мужассам этган Автралия термаси бизни шунчаки, жазолади. Аммо ушбу жамоа билан ҳам ўйнаса бўларди. Ўйинни ҳимояга таянган ҳолда олиб борган Ироқ терма жамоаси буни исботладику. Нима учун биз ўйнай олмас эканмиз? Ҳали вақти соати келади. Ўшанда футболчиларимиз, албатта, ярим финалдаги мағлубият учун ҳисоб-китоб қилишади.

- Осиё кубоги кашфиётларидан бири - Одил Аҳмедов Махачқалъанинг «Анжи» клуби билан шартнома имзолади. Футболчи сифатида Одилнинг Россия премьер-лигасида тўп суриб кетишига қанчалик ишонасиз?

- Одилнинг маҳоратига асло шубҳам йўқ. У «Пахтакор»нинг ҳақиқий етакчиси эди, миллий терма жамоамизда ҳам шу мақомни олди. Осиё чемпионатида Аҳмедов майдонда жуда катта ҳажмдаги ишларни амалга оширди. Қўпол қилиб айтганда, майдондаги «қора» ишларни бажарди. Ўзига ёт бўлган марказий ҳимоячи чизиғида ўйнашига қарамай, бир-биридан чиройли иккита гол уришга ҳам муваффақ бўлди. Одилга ўхшаган меҳнаткаш футболчилар жуда кам. Бундайларга ҳар қандай кучли жамоада эҳтиёж сезилади, жой топилади. Агар у ўз устида шу тарзда ишлашда давом этса, «Анжи» клубида узоқ вақт ушланиб қолмайди. Яъни ҳамюртимизни Европанинг кўзга кўринган жамоаларидан бири ўз сафига қўшиб олади. Бунга кафолат беришим ҳам мумкин.
Просмотров: 754 | Добавил: garastone | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
IZLASH

KALENDAR
«  Март 2011  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
28293031

HISOBCHI

ARHIV

QOSHIMCHA
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • KIM QAYERDA

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0

    Copyright MyCorp © 2024