"Анжи" сафида илк ўйинини ўтказган ҳамюртимиз Одил Аҳмедов ўз ўйини туфайли мухлислар томонидан 6.0 баллга лойиқ кўрилди. Россиянинг www.sports.ru сайти ўтказган сўровномада баллар борасида Аҳмедовни Роберто Карлос (6.7 балл) ва дарвозабон Нукри Ревишвили (6.1 балл) ортда қолдиришган, холос. Расим Тагирбеков билан биргаликда Одил 6.0 балл жамғарди.
Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, Аҳмедов ўйиннинг 83-дақиқасида ўз ўрнини жамоанинг бразилиялик янги ҳужумчиси Тарделлига бўшатиб берди. Бу алмаштиришни ўйиндан сўнг Гаджи Гаджиев унинг кичик жароҳат олгани билан изоҳлади. Журналистлардан бирининг "Аҳмедов яхши ўйин кўрсатаётганди, нима учун уни алмаштирдингиз?” деган саволига, махачқалъаликлар мураббийи "Одил шу куни имконияти даражасида ўйнай олган кам сонли футболчилардан бири бўлди. Аммо тўқнашувдан кейин унинг ўйини бироз пасайди. Шунинг учун ортиқча муаммолар келиб чиқишини истамадим ва уни алмаштирдим”, деб жавоб берди.
"Биринчи ўйин доим қийин ўтади. Жамоамизда ўзаро тушуниш ҳали юқори даражада эмас. Ўйлайманки, ҳали ҳаммаси олдинда”, деди Аҳмедовнинг ўзи ўйиндан сўнг интервью берар экан.
Таъкидлаш жоиз, шу йилдан бошлаб РФПЛнинг ҳар бир туридан сўнг жамоаларнинг иштирокларига сайт фойдаланувчилари баҳо бериш имкониятига эга бўлдилар. Ҳар бир ўйиндан сўнг 24 соат мобайнида сиз Россия чемпионатида иштирок этаётган легионерларимизга овоз беришингиз мумкин.