Яқинда фаолиятини якунлаганини маълум қилган афсонавий Роналдо ёш иқтидор эгаларини юзага чиқариш соҳасида иш бошлаш тадоригини кўраётганини айтиб ўтган. Бразилиялик футболчи иқтидорли ҳамюртларига ёрдам бериш истагида эканини билдирди.
Роналдо бошчилик қилаётган спорт агентлиги бир қатор футболчиларга таклиф билан чиқишга ҳам улгурганлар. Энг аввало "Сантос" клуби ҳужумчиси Неймар ва "Сан Паулу" шарафини ҳимоя қиладиган Лукаслар афсонавий футболчининг илк мижозлари бўлиши кутилмоқда.
"Бизда Бразилиядаги бир қатор кучли спортчиларга тушаётган талаб бор. Бироқ, ҳаммага ҳам бирдек эътибор қарата олмаймиз, сабаби энди иш бошладик. Фақатгина баъзи футболчиларни кўриб чиқишимиз лозим.
Ҳозирда Неймар ва Лукасларни таклиф қилиш ниятимиз бор. Сабаби, бу футболчилар Бразилиянинг келажаги ҳисобланадилар ва 2014 йили бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида албатта қатнашишлари шарт", - дейди Роналдо интервьюларидан бирида.
Бразилия футболи афсонасининг айтишича, у Лукаснинг отаси Хорхе Родригес билан учрашган. У ўз ўғлининг манфаатларини шу вақтга қадар ҳимоя қилиб келарди. Шунингдек, Неймар Вагнер Рибейрунинг вакиллари ҳам Роналдо билан музокара олиб борганлар.
"Биз улар билан боғланиб, музокара олиб бордик, аммо ҳали аниқ бир гап айтиш мушкул. Ҳар доим мулоқот қилишга тайёрмиз, бироқ уларга босим ўтказиш ниятимиз йўқ. Шу сабабли, Сан-Паулуда учрашиб, барчасини келишиб олишимиз даркор", - дейди бўлғуси агент.