Пятница, 03.05.2024, 07:09
FUTBOL XABARLARI
 
SAYT MENYUSI

MINI CHAT

MUSIQIY TANAFUS

SAVOLLAR
QAYSI BIRI CHEMPION BO'LISHGA LOYIQ
BARCHA JAVOBLAR: 264

KIRISH

Главная » 2011 » Март » 13 » Трансферлар:Пересча омадсиз савдолар
11:56
Трансферлар:Пересча омадсиз савдолар


Трансфер бозорида наинки Роман Абрамович ёки Массимо Моратти каби сахий президентлар, балки дунёдаги бошқа бой футбол функционерлари ҳам омадсизликка йўлиқиб туришади.

Sports.ru сайти «галактикос» ёхуд «зидан ва павонлар» сиёсати асосчиси Флорентино Переснинг бу борадаги фаолиятини таҳлил қилди. Демак, газетамиз кўзгусида «Реал Мадрид»га наф бермаган трансферларнинг «кучли» ўнлиги.

1. Флавио Консейсао
Натижаси: 45та ўйин, 1та гол
Сотиб олинган нархи: 25 млн. евро
Сотилган нархи: -

Мақсад. 1999-2000 йиллар мавсумида Ла-Лигада кутилмаганда «Депортиво» чемпион бўлди ва бунда Мауро Сильва ва Флавио Консейсаодан иборат ярим ҳимоя жуфтлиги муҳим роль ўйнади. Мадрид клубини янада кучайтиришга аҳд қилган Флорентино Перес эса зудлик билан 25 миллион еврога чек ёзди ва бу билан ярим ҳимоя масаласи ҳал бўлди, деган қарорга келди.

Хизмат. Бразилиялик футболчи энг ишончли шеригидан айрилгач, илгаригидек ишламай қўйди. Шундай бўлгач, уни асосий таркибга киритишдан маъно йўқ эди - Флавио майдонга кўзлари сўнган ҳолда тушарди. Рақиб ўйинини бузишда Макелеле, яратувчанликда Фигу (кейинроқ Зидан) ундан яхши ўйнади. Қисқаси, Консейсао етакчилик мавқесини йўқотди, Бразилия термасидаги ўрнини ҳам бой берди.

Оқибат. Охир-оқибат асосий таркибдаги ўрнини Дэвид Бекхэмга бўшатиб беришга мажбур бўлди. «Кучдан қолган» бразилияликни аввалига «Боруссия»га юборишди - ижара асосида. Кейин у «Галатасарой» ва «Панатинаикос»да ҳам айтарли кўзга ташланмади.

2. Жонатан Вудгейт
Натижаси: 12та ўйин, 1та гол
Сотиб олинган нархи: 18,3 млн. евро
Сотилган нархи: 9,6 млн. евро

Мақсад. У ўз ватанида юлдуз эмас, балки номи чиққан ҳимоячи эди. Шунга қарамай, Испания пойтахтидаги келишув жараёнида ҳеч қандай тортишув рўй бермади. Мадридликлар «Ньюкасл» талаб қилиши мумкин бўлган суммани беришди-қўйишди. Ўша пайтда Вудгейтнинг кўп вақтни «лазарет»да ўтказиши ва ҳатто трансфер амалга оширилаётганда ҳам жароҳат туфайли четда юргани ҳеч кимни ўйлантирмади.

Хизмат. Жонатан Мадридга кўчиб ўтган куниёқ шаҳардаги шифохоналардан бирига тушди ва у ердан роппа-роса бир йилдан сўнг чиқди! Боз устига, «Реал» таркибидаги дебюти сира ўхшамади - «автогол» ва четлатиш. Ярим мавсум ўтганидан сўнг аста-секин ўзига кела бошлади, аммо навбатдаги жароҳатлар Испаниядаги фаолиятини батамом барбод этди.

Оқибат. «Марка» нашри мухлислари томонидан таъсис этилган «ХХ асрнинг энг ёмон хариди» «унвони» соҳиби Англияга қайтди. Ахир Британияда дори-дармонлар нисбатан мазали, тиббиёт ҳамширалари ҳам инглиз тилида гаплашишади...

3. Педро Мунитис
Натижаси: 53та ўйин, 4та гол
Сотиб олинган нархи: 10,5 млн. евро
Сотилган нархи: -

Мақсад. 25 ёшли паст бўйли ҳужумкор ярим ҳимоячи Сантандернинг «Расинг» клуби ва Испания термасида юлдуз мақомига эга эди. Шу пайтда «Қироллик клуби»да мулоҳаза юритишди: «Бундай футболчи камида захира ўриндиғини кучайтиради».

Хизмат. Дарҳақиқат, 10,5 миллион еврога харид қилинган Мунитис Мадридда ўйиндан ўйинга захира мустаҳкамлигини таъминлаб турди. Вақти-вақти билан майдонга тушган бўлсада, деярли кўзга ташланмади ва кўп ўтмай қадрдон жамоаси - «Расинг»дан катта клубга ўтишга қарор қилган кунини лаънатлади. Чамаси 10 йиллардан сўнг эса Серхио Каналес айнан унинг йўлидан борди.

Оқибат. Сантандерда бир йил «ўтирган» Мунитис «Депортиво»га борди ва жамоада чап қанотнинг етакчисига айланди. Уч мавсумдан сўнг уйига қайтди ва тирик динозавр ролини бажарди. Фақат, терма жамоага қайта киролмади.

4. Вальтер Самуэль
Натижаси: 38та ўйин, 2та гол
Сотиб олинган нархи: 23 млн. евро
Сотилган нархи: 18 млн. евро

Мақсад. Итальян футбол мактабида таҳсил олган аргентиналик бақувват йигит «Рома»да «девор» лақабини олганди. Моҳиятга кўра, у Мадридда «павонлар» сафида «катта ака» бўлиб, бошқаларга ақл-идрокда намуна бўлиши лозим эди.

Хизмат. Самуэль ҳимоячилар орасида майдонга кўп тушган бўлсада, уни орқа чизиқнинг энг яхши вакили эди, дейишга тил айланмайди. «Автоголлар», майдондан четлатишлар - ишқибозлар тортишувлари, норозиликларига асослар кўп. Боз устига, ўзи бор-йўғи битта гол урди ва обрў-эътиборида улкан доғ пайдо бўлди.

Оқибат. Испанияда орттирилган доғни Италияда ювишга муяссар бўлди. Вальтер нафақат «Интер», балки Аргентина термаси таркибида ҳам йўқотилган ишончни қайта тиклади. Хуллас, ҳамма гап ўзида эмас, балки «Реал» ҳимоя усулида эканлигини исботлади.

5. Антонио Кассано
Натижаси: 25та ўйин, 4та гол
Сотиб олинган нархи: 5,5 млн. евро
Сотилган нархи: 3,3 млн. евро

Мақсад. Мадридликлар ақл бовар қилмас даражада иқтидорли ва безори йигитдан кўп наф чиқармоқчи эдилар. Яъни Фабио Капеллонинг педагогик маҳоратига таяниб, ҳужумчини Мадридда тарбиялашни кўзда тутишганди. Режага кўра, икки итальян умумий тил топишиши ва «Реал» ҳужумда Кассано ёрдамида ёрқин ўйин намойиш этиши зарур эди.

Хизмат. Дон Фабионинг обрў-эътибори Антонио учун бир чақага ҳам арзимас экан. Кассано камдан-кам ҳолларда майдонга тушди, гол уриши ҳам шунга яраша бўлди. Энг ачинарлиси, кўп еб-ичиш, серзардаликни одат қилиб олди. Ортиқча вазн орттиргани учун уни ҳаттоки, жаримага ҳам тортишди. Фақат, футболчи ҳақида Испания спорт нашрларида чоп этилган карикатураларгина ўқувчиларга бироз кўнгилхушлик берди.

Оқибат. Безори шартнома бўйича иккинчи йилни «Сампдория»да ўтказди (ижарада), кейинчалик батамом Италияда қолди.

6. Жулио Баптиста
Натижаси: 76та ўйин, 13та гол
Сотиб олинган нархи: 20 млн. евро
Сотилган нархи: 10 млн. евро

Мақсад. «Йиртқич» - Жулио Баптиста «Севилья»да ҳужумкор ўйиннинг барометри эди. «Галактикос» даражаси учун кичиклик қилсада, унга ёрдам бериши тахмин қилинди. Фақат битта «лекини» бор эди - унинг чизиғида Зидан тўп сурар, ҳужумда эса Рауль ва ван Нистелройлар ҳаракат қилишарди. Баптистани эса Лондонда Арсен Венгер ҳам қучоқ очиб кутиб турарди, бироқ Испанияда беш йил яшаб қўйгани сабаб, унинг шу мамлакат паспортини олиш истаги кучлилик қилди.

Хизмат. «Реал»да Жулиони ўзини кўрсатиши оғир кечадиган чап қанотга қўйишди. Натижада ижара - ўша «Арсенал»га. Бир йиллик танаффусдан сўнг Мадридга қайтган Жулиони бу ерда Бернд Шустер кутаётганди. Немис мутахассиси бразилияликнинг ҳужум марказида ҳаракатланишига имконият яратиб берди ва футболчи мавсум давомида нисбатан ўзини кўрсатишга муваффақ бўлди.

Оқибат. Шунга қарамай, асосий таркибдаги ўрнини йўқотган Баптиста мавсум охирида нарсаларини жомадонга жойлаб, Римга қараб йўл олди - «Рома»га. Аммо Италияда ҳам «Севилья»даги каби ёрқин ўйин кўрсатолмади. Ҳозирда эса «Малага» бошқарувини қўлга олган шайхнинг нефтини «симириш» билан овора.

7. Пабло Гарсия
Натижаси: 22та ўйин, 1та гол
Сотиб олинган нархи: 4 млн. евро
Сотилган нархи: -

Мақсад. Флорентино Перес ҳимоя чизиғи футболчилари учун катта-катта маблағ сарфлаш моҳияти нимада эканлигини англаб етмасди ва бундан наф йўқ, деб ҳисобларди. Шу боис ҳам вақтида Клод Макелеле Мадриддан кетишга мажбур бўлди, шунингдек, Патрик Виейра билан шартнома имзоланмади. «Арзимас» маблағ эвазига «Осасуна»дан ҳимоячи харид қилиниши ҳам шундан далолат беради.

Хизмат. Умуман олганда, Пабло Гарсия муваффақиятсизликка учради. Лекин бунда ўзи айбдор эмас. Пабло шунчаки, майдондаги шериклари даражасига мос тушмади. Ҳатто Томас Гравесен каби жиддий рақобатчи ҳам унинг ўз ўйинида ўзгариш қилишга руҳлантиролмади. Мураббийлар ўриндиғида уругвайликнинг ҳаракатларини бир-икки марта кузатган Фабио Капелло эса ундан воз кечиб қўя қолишни маъқул кўрди.

Оқибат. «Воз кечилган» футболчи Галисия - «Сельта»га йўл олди. У ерда эса жароҳат сабаб бир йил ўйиндан ташқари ҳолатда қолди. Кейинчалик «Мурсия»да ҳам бир йилни «бекорчилик» билан ўтказди. Гарсия айни пайтда футболдаги «қарилик гашти»ни Грециянинг ПАОК клубида суряпти.

8. Карлос Диого
Натижаси: 13та ўйин
Сотиб олинган нархи: 5 млн. евро
Сотилган нархи: 4,5 млн. евро

Мақсад. Ўнг қанот универсал футболчиси ҳисобланган Карлос кимсан Мичель Сальгадога ворис бўлиш учун Уругвайдан Мадридга учиб келди. Ўша кезларда келажаги порлоқ саналган йигитга Жанубий Америка футболининг «мазали меваси», дея эътироф беришганди.

Хизмат. Сальгадо тўсатдан жароҳат олгунга қадар Вандерлей Лушембургу ёш иқтидорни ўта эҳтиёткорлик билан асосий таркибга кирита бошлади. Бироқ Диогонинг асосий таркибдаги икки ўйини «Реал»га мағлубиятлар келтирди. Буларда дебютантнинг ҳам маълум даражада айби бор эди. Кейинчалик мураббий Карлосни ўнг қанот ярим ҳимояси позициясига қўйди, аммо у бу жойда ҳам ўзини кўрсатолмади. Лушембургу ўрнини эгаллаган навбатдаги мураббий Лопес Каронинг эса бу «мева» бошқа жамоада етилишини тушунишига бир ўйин кифоя қилди.

Оқибат. Уругвайлик ижара шарти асосида «Сарагоса»га ўтди. Кейинчалик эса шу жамоанинг тўлақонли аъзосига айланди. Бироқ ўйини эмас, балки «Севилья»га қарши баҳсда Луис Фабиано билан ёқалашгани туфайли кўзга кўринди, кейинроқ эса тиззасидан жароҳатланиб, бутун бир йилни ўтказиб юборди.

9. Томас Гравесен
Натижаси: 36та ўйин, 1та гол
Сотиб олинган нархи: 3,4 млн. евро
Сотилган нархи: 3 млн. евро

Мақсад. Даниялик футболчи 2004-2005 йиллар мавсумида «Эвертон»нинг асосий ўйинчиларидан бирига айланди. «Кўклар» ўшанда финишга кучли тўртликда етиб келишганди. Шу мавсум якунида Томасни Мадридга чорлашди. Режага кўра, у таянч ярим ҳимоясидаги тирқишни беркитиши керак эди. Томаснинг Англияда ҳужумкор ярим ҳимоячи сифатида ўйнаганини эса, ҳеч ким эътиборга олмади, хусусан, Флорентино Перес ҳам.

Хизмат. Гравесеннинг британча куч ишлатишга асосланган ўйин услуби на ҳакамлар ва на торсидалар қалбига «ўтирди». Ёқимтой футболчиларга ўрганиб қолган «Сантьяго Бернабеу» қўпол ҳаракат қилувчи Томасни ҳеч қабул қилолмади. Ёқтирмаслик ҳисси нафақат ўйинлар, балки машғулотларда ҳам кучайиб борди. Зеро, бечора Робиньо машқларда ўхшовсиз жамоадошидан кўп тепки қабул қиларди ва бу мухлисларга сира ёқмасди. Мураббийларнинг қўнимсизлиги эса данияликни секин-аста захира ўриндиғига суриб қўйди.

Оқибат. Ўйин услуби мос тушадиган клуб - «Севилья»га ўтган Гравесен ўзини анча енгил ҳис қилди. Аммо кейинроқ голландиялик Эвандер Сьон билан рақобатда орқага чекинди. Қадрдон жамоаси - «Эвертон»га қайтиши (ижара асосида) ҳам наф бермади. Охир-оқибат Шотландиядан иш излади, бироқ мақсадига эришолмагач, фаолиятини тугатишни маъқул топди.

10. Майкл Оуэн
Натижаси: 45та ўйин, 16та гол
Сотиб олинган нархи: 12 млн. евро
Сотилган нархи: 25 млн. евро

Мақсад. «Олтин тўп»нинг 25 ёшли соҳиби «Ливерпул»нинг тимсолларидан, Англия термаси умидларидан бири эди. Табиийки, бундай футболчи Перес­нинг ўткир нигоҳи, бақувват чангалидан четда қолмади. Кўпчиликнинг тахминига кўра, инглиз ўғлони «Реал»да чинакам юлдуз бўлиши керак эди, бироқ...

Хизмат. Инглизнинг қуёшли Испанияга мослашиши осон кечмади. Рауль ва Роналдолар соясида қолган Майкл захира ўриндиғида ўтирган бўлсада, матбуот уни тинч қўймади. Тўғри, мавсум ўрталарига бориб «тилла бола» сакраб турди ва голлар ура бошлади. Майдонда қанча тўп сурганлиги ҳақидаги статистик маълумотлар ҳам ёмон эмас.

Оқибат. Бразилиялик икки ҳужумчининг «Реал» таркибидан ўрин олиши Оуэннинг ўз келажаги ҳақида ўйлашга мажбур этди. Зеро, жаҳон чемпионатига оз вақт қолган, терма таркибига кириш учун эса ҳужумчига ўйин амалиёти зарур эди. Шу боис ҳам Оуэн «Ньюкасл»га ўтишга қарор қилди. Аммо бу ерда жиддий жароҳатланди. Ҳар ҳолда, мундиалгача тикланишга улгурди, бироқ биринчи ўйиндаёқ яна жароҳатга йўлиқди. Шундай бўлсада, яна оёққа турди. Ахир олтин зангламайдиган металл-ку...

Флорентино Перес рейтингдан ўрин олган шу 10та трансфер учун жами 126,7 миллион евро сарфлаган. Қайта сотиш жараёнида эса клуб ғазнасига атиги 73,4 миллион евро тушган, холос. Тўғри, «Реал» Майкл Оуэн трансферидан нақ 13 млн. фойда кўрган. Лекин умумий олганда, савдолардан кўрилган зарар миқдорининг ўзи 50 «лимон»дан кўп. Бунга футболчиларга тўланган маошларни қўшсангиз, улкан «тоғ» кўтарилиши турган гап.
Манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.
Просмотров: 765 | Добавил: garastone | Рейтинг: 2.0/1
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
IZLASH

KALENDAR
«  Март 2011  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
28293031

HISOBCHI

ARHIV

QOSHIMCHA
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • KIM QAYERDA

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0

    Copyright MyCorp © 2024